Apr 19, 09:51
Термиз халқаро аэропортида янги учиш-қўниш йўлаги қурилмоқда

Бунёдкорлар бу ерда дунёнинг турли давлатларидан келаётган авиайўловчиларга сифатли хизмат кўрсатадиган аэропорт перронини янада кенгайтириб, янги сунъий учиш-қўниш йўлагини барпо этади.

Қопламаларни реконструкция қилади. Периметр бўйлаб видеокузатув тизими ўрнатилиб, аэропортнинг ҳаво йўналишини бошқариш муҳофазаси ва бошқарув-диспетчерлик биноси қад ростлайди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2019 йил апрель ойида Термиз шаҳрида ўтказилган Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг тантанали очилиш маросимида иштирок этиш учун Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида янгидан фойдаланишга топширилган халқаро аэропортнинг замонавий терминали билан яқиндан танишганди. Ундан самарали фойдаланиш, халқаро рейслар ва чет эллик сайёҳлар оқимини янада кўпайтириш, хизмат кўрсатиш сифатига алоҳида эътибор қаратиш, янги учиш-қўниш йўлаги барпо этиш юзасидан тегишли тавсияларни берган эди.

 

Мазкур топшириқлар ижроси доирасида қурилиши бошланган янги учиш-қўниш йўлаги замонавий ҳаво кемаларини янада кўпроқ қабул қилиб, парвозлар хавфсизлигини юқори даражада таъминлаш қувватига эга бўлади. Бу юртимизнинг жанубдаги қадимий ва ҳамиша навқирон воҳасига келувчи сайёҳлар оқимини кўпайтиради.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда парвозлар географиясини кенгайтириш учун қатор аэропортлар, шу жумладан, Термиз халқаро аэропортида ҳам “бешинчи ҳаво эркинлиги” тартибини қўллаган ҳолда “Очиқ осмон” режими жорий этилган.

Мутахассисларнинг айтишича, Термиз халқаро аэропорти “Uzbekistan Airports” акциядорлик жамиятининг таркибий қисмига кирувчи энг жанубий аэропорт бўлиб, денгиз сатҳидан 313 метр баландликда жойлашган. У халқаро “IKAO I” тоифасидаги сертификатга эга. Замонавий ҳаво лайнерларини бемалол қабул қилиш қувватига эга аэропортда барча турдаги вертолётларга ҳам сифатли хизмат кўрсатилади.

 

Бундан икки йил муқаддам бунёд этилган терминал жаҳон стандартлари асосида жиҳозланган. Соатига 400 йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти мавжуд терминалдаги божхона назорати, авиация хавфсизлиги ва юк олиш жойларида тезкорликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Кутиш заллари, CIP зоналар, она ва бола хоналари, намозхона, тиббий пункт ва бошқа бўлимларда йўловчиларнинг барча эҳтиёжлари инобатга олинган. Duty Free дўконлари, бепул Wi-Fi хизмати, чет эллик туристлар учун виза олиш сектори ташкил этилган.

Жорий йилда янги учиш-қўниш йўлаги бунёд этилаётгани барча турдаги ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини таъминлаш ва қатновлар сонини 2-3 бараварга оширишда муҳим ўрин тутади. Бу маҳаллий ва хорижлик сайёҳларнинг жануб гавҳари, дея ном қозонган қадимий шаҳарнинг, гўзал, мафтункор воҳанинг бой тарихи, бетакрор табиат манзаралари, меҳмондўст, бағрикенг одамлари ва нафис қадриятлари билан яқиндан танишиш имкониятини юксалтиришга хизмат қилади.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА

 

Boshqalar