Mar 29, 09:41
«Uzbekistan Airports» АЖ ҳамда И. Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти раҳбарияти жажжи болажонлар учун аэропорт бўйлаб саёҳат дастурини ташкил этдилар

«Uzbekistan Airports» АЖ ҳамда И. Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти раҳбарияти «Renaissance Academy Preschool» мактабгача махсус таълим муассасасининг бир гуруҳ тарбияланувчиларига унутилмас бахтиёр болалик онларини ҳадя қила олди.

Сиз дунёни лаҳзаларда мана шу мурғакларнинг беғубор нигоҳи билан кўра оласизми?!

Жуссаси ҳали бир бурда, имконияти ҳам чекланган, дерсиз?! Янглишасиз, улар сизу биз англолмайдиган синоатларни англаб, шу ондаёқ коинотларда парвоз қила олади. Муваффақиятларидан ўзларича қувониб, хурсандчиликларини беминнат улаша олиш қобилиятига ҳам эга…

 

«Uzbekistan Airports» АЖ ҳамда И. Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти раҳбарияти «Renaissance Academy Preschool» хусусий мактабгача таълим муассасасининг бир гуруҳ тарбияланувчиларига ана шундай бахтиёр болалик онларини ҳадя қила олди.

Бунинг учун болажонларга кўп нарса зарур бўлмади. Улар ихтиёрига топширилган биргина Dreamliner ҳаво кемаси кифоя қилди.

 

Одатда самолётнинг салобатли шовқинидан тинчи бузиладиган аэродром ҳудудининг сукути бугун болажонлар шовқинидан бузилди.

Баҳодир, Яҳё, Азизбек, Муҳаммадали.. Муҳайё, Ойиша, Гўзал.. Эртакдагидек олисларда, ушалмасдек туюлган ҳаво кемаси айни дамда уларга бўйсуниб турганидан ўзларида йўқ хурсанд бўлишди.

 

Бир-бирига гал бермай, бортга интилишади, эгаллаган ўриндиқларидан мағрурланиб, парвозга тайёрланиб ҳам қўйишади.

Шу куни, кичкина деманг бизни, кўтариб урамиз сизни, деганларидек, каттакон самолётнинг «учувчилари» ҳам, «йўловчилари» ҳам шу миттивойларнинг ўзлари бўлишди.

 

Эътиборлиси, улар жуда тартибли ва ўта синчковлиги билан алоҳида таассурот қолдирди. Уларни дақиқаларга холи қолдирдик, «темирқуш» билан тиллашишларига қўйиб бердик.

Бу онлар ёш авлод хотирасига бир умрга муҳрланиб, келгусида улардан таниқли шахслар етишиб чиқишига, мислсиз кашфиётларига сабаб бўлиб қолиши мумкинлигини дилдан ҳис қилдик.

 

Манзарани томоша қилишнинг ўзи мароқли… «Бирам бесабр, сергап, шошқалоқ йўловчилар эканми, бу зумрашалар». Хаёлимиздан ўтган шундай ўйлар билан эркалаб қўйдик уларни.

Имога кўра, секин энгашиб, "катта одам"га қулоқ тутаман, «аэропортга яна албатта келаман, хўпми..?!».

Журналист Лаълихон Собирова

 

Boshqalar