Фарғона халқаро аэропортида карантин талабларига риоя қилган ҳолда Россиянинг Перм шаҳрига юртдошларимиз кузатилди.
Фарғона вилояти ҳокимлиги, Фарғона вилояти ташқи меҳнат миграцияси ва бошқа ҳамкор ташкилотлар ҳодимлари кўмаги билан фуқароларимизни чет давлатларда муносиб иш ўринларини яратиш ва уларни «Ишга марҳамат» мономарказида касбга йўналтириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Ана шу ишлар натижаси ўлароқ айни кунларда кўплаб юртдошларимизга касб мутаҳассисликлари ўргатилиб, сертификатлар топширилмоқда. Сертификатга эга ҳамюртларимиз учун эса Россия, Қозоқистон ва бошқа чет давлатларининг турли иш берувчилари билан суҳбат асосида мавсумий ва доимий ишларга жалб этиш тизими йўлга қўйилди.
Ҳаво йўли орқали йўлга чиққа йўловчиларга Фарғона халқаро аэропортида барча зарурий шароитлар яратилиб, пандемия талаблари доирасида хизмат кўрсатиш ишлари ташкилланган. Қолаверса, аэропорт ҳудудида йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида чет давлат қонунчилиги, ҳозирги пандемия даврида ўзини ўзи сақлаш ва тўғри ҳаракатланиш бўйича қилиниши лозим бўлган ишлар мониторлар орқали узатилаётган видеороликлар орқали фуқароларга яқиндан таништирилмоқда.