May 06, 20:19
Фарғона халқаро аэропортида икки буюк сиймо Мир Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуди муносабати билан адабий –бадиий кеча ташкил этилди.

Ўзбек адабиётининг буюк намоёндолари Алишер Навоийнинг 580 йиллиги ва Бобур таваллудининг  538 йиллиги Республикамиз ва жаҳонда кенг миқёсида нишонланмоқда. Бу эса беихтиёр киши кўнглига фахр туйғусини жо этади.  Бугун Навоий ва Бобур асарлари кирмаган хонадон ва жамоа бўлмаслиги керак дея таъкидланаётгани сўзсиз маърифат учун қилинаётган катта ишлардан бири дейиш мумкин. 

🛩Фарғона халқаро аэропортида ишчи-ходимлар ва аэропорт раҳбарияти иштирокида бадиий кеча ташкилланди. Унда филология фанлари доктори, профессор Сиддиқ Мўмин йиғилганларга ўз чиқишлари орқали Навоий ва Бобур шахсияти ва уларнинг бадиий-илмий асарлари ҳақида кўплаб маълумотлар тақдим этди. Навоий ғазалларининг мазмун ва моҳияти аслида башарият учун ибрат бўла олувчи сифатлар ҳақида сўз юритилганлиги ва Бобурнинг шоҳ асари «Бобурнома» бугунги кун тарихчилари ва этнографлари учун катта дарслик вазифасини ўтаётганлиги тадбир давомида яна бир бор ёдга олинди.

Бу каби тадбирларни ташкил этиш аслида биз учун ҳар томонлама зарур эканлиги йиғилганлар томонидан таъкидланди. 

Тадбир сўнгида Навоий ғазаллари ва Бобур шеъриятидан намуналар ўқилиб, профессор Сиддиқ Мўмин томонидан ижод наъмуналарининг илмий таърифи ҳақида қизиқ маълумотлар билан бойитилди.

     Фарғона халқаро аэропорти матбуот хизмати. (@fegairport)

Boshqalar