“Фарғона халқаро аэропорти” раҳбарияти ташаббуси билан ташкилотда фаолият олиб бораётган ишчи-ходимларга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган давлат сиёсатига ҳамоҳанг равишда аҳолини ижтимоий-қўллаб қувватлаш ва пандемия даврида ишсиз қолган аҳоли қатламини моддий рағбатлантириш юзасидан қабул қилинган Фармон, қарорлар ва фармойишлар билан яқиндан таништириш, ёшларга яратилган имкониятлар ва қулайликлар ҳақида маълумотлар бериш ҳамда бугунги кунда ҳодимларни қийнаётган банк-кредит масалалари ва бошқа йўналишлар бўйича саводхонлигини ошириш бўйича семинар тренинг ташкил этилди.
Мазкур семинарда аэропорт директори ўринбосари, Ўзбекистон ЛиДеП шаҳар кенгаши депутати Муродил Мадаминов модераторлик қилиб, ҳамкор ташкилотлардан Марказий банк ва бошқа тижорат банклари маъсул ходимлари, Вилоят бандлик бошқармаси вакиллари, Аҳолини касбга йўналтириш мақсадида ташкил этилган “ишга марҳамат” мономаркази ва Ёшлар ишлари агентлиги, Вилоят Соғлиқни сақлаш ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бошқармаларидан тажрибали ходимлар жалб этилди. Семинар қатнашчилари аэропорт ишчи ходимларига ҳозирги иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган ишлар ҳақида ўз маърузалари билан қатнашиб, атрофлича тушунтиришлар беришди.
Очиқ савол-жавоб руҳида кечган тадбирда асосан, банк-кредитлари билан боғлиқ муаммоли масалалар ўртага ташланиб, мутахассислар томонидан ҳуқуқий ва оддий ечимлар бериш орқали ҳал этилди.
Шунингдек, семинарда Ўзбекистон Либерал Демократик партияси Фарғона шаҳар кенгаши депутати Асроржон Қодиров тадбиркорлик қилиш истагини билдирган ёшлар муаммоларини тинглаб, қонунчиликда кўрсатилган тартиблари ҳақида маълумотлар берди. Депутат келгуси фаолияти давомида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлган ишчи-ходимларни қийнаётган масалаларни шаҳар депутатлар кенгаши йиғилишларида кўтаришга ва уларга ечим топилишида амалий ёрдам беришини таъкидлаб ўтди.
Бу каби семинарлар Давлатимиз раҳбари бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотларни фуқароларимизга яқиндан етказишга ва маъсуллар олдида мавжуд муаммоларни жойида ўрганишда қўл келиши билан муҳим аҳамиятга эга. Келгусида бу каби тадбирларни мунтазам ташкил этиш аэропорт раҳбарияти томонидан режалаштирилган.
Фарғона халқаро аэропорти матбуот хизмати.
Telegramm manzilimiz: https://t.me/fegairport