Mar 29, 09:53
Фарғона шаҳрида улуғ бобомизга эҳтиром рамзи сифатида бунёд этилган Навоий хиёбонида ўтказилган тадбирда Фарғона халқаро аэропорти жамоаси вакиллари ҳам иштирок этишди.

Буюк мутафаккир ва шоир, сўз мулкининг султони Мир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги бутун мамлакатимиз бўйлаб кенг миқёсда нишонланмоқда. Қутлуғ сана муносабати билан Фарғона вилояти марказида тантанали тадбир ташкил этилди. Унда Фарғона халқаро аэропорти жамоаси вакиллари ҳам иштирок этиб, Навоий даҳосига эҳтиром рамзи сифатида унинг ҳайкали пойига гулдасталар қўйишди.

Атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоийнинг бебаҳо ижодий-илмий мероси нафақат халқимиз, балки жаҳон адабиёти тарихида, миллий маданиятимиз ва адабий-эстетик тафаккуримиз ривожида алоҳида ўрин тутади. У ўз замондоши Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган 1483 йилда ўзининг буюк «Хамса» асарини ёзишга киришди ва уни уч йидда тугаллади. Беш достонни ўз ичига олган бу улкан асар Навоийнинг барча шеърий меросининг деярли ярмини ташкил қилади. «Хамса» — Алишер Навоий ижодининг қалбидир.

Бу “Хамса”нинг туркий тилда яратилиши ХV аср Мовароуннаҳри ва Хуросони учун фавқулодда саодат эди. Чунки Навоийнинг “Хамса”си гўзал илм ва адабиёт фақат форс ва араб тилида бўлади, деган тушунчани бутунлай йўққа чиқарди ва туркий тилни камситилишлардан халос этди. Нафақат халос этди, балки туркий тилнинг беқиёс сўз бойлиги ва чексиз ифода имкониятларини бутун жозибаси билан кўрсатиб берди. Даврнинг икки қутби - маънавият пири Жомий ва буюк султон Ҳусайн Бойқаронинг ҳайрати ва юксак эътирофи ушбу ҳақиқатга далилдир. 

Шу боис ҳам нафақат ўзбекистонликлар, балки барча туркий тилли халқлар Навоийни юксак қадрлайди. Шу сабабдан бутун дунё зиёлилари Алишернинг гўзал мисраларини севиб мутолаа қилади. Унинг асарларида теран ифода топган миллий ва умуминсоний ғоялар жаҳон тамаддунида муносиб ўрин тутади. 

Фарғона шаҳрида улуғ бобомизга эҳтиром рамзи сифатида бунёд этилган Навоий хиёбонида ўтказилган тадбирда сўз олганлар шулар ҳақида сўз юритар эканлар, бу хиёбон барча учун муқаддас масканлардан бирига айланиши зарурлигини, Навоийни фақат таваллуд кунида эмас, ҳар ким ҳар кун ўрганиши лозимлигини таъкидладилар.

Фарғона халқаро аэропорти жамоаси вакиллари бу тадбирдан катта маънавий озуқа олишди ва яқин кунларда Навоий ижодига бағишланган яна бир тадбир ташкил этишни режалаштиришмоқда.

Фарғона халқаро аэропорти матбуот хизмати.  (@fegairport)

Boshqalar