Фарғона халқаро аэропортида янги қулайликларга эга бўлган авиакасса ва маълумотхона биноси қурилиш ишлари бошланганлиги ҳақида аввал хабар берган эдик. 1 декабр санасида мазкур бино тўлиқ таъмирдан чиқазилиб, ўз фаолиятини расман бошлади.

Авиакасса ва маълумотхона янги биносида очилиш маросими ташкил этилиб, унда аэропорт раҳбарияти ва ходимлари иштирок этишди. Очилиш маросимида Фарғона халқаро аэропорти директори Тимур Арабжонович сўзга чиқиб, янги авиакасса биносида фаолият олиб борувчи ходимларни табриклаб, уларга келгуси фаолиятларида эътибор қаратишлари зарур бўлган жиҳатлар ҳақида гапириб ўтди. Хусусан, авиакасса масаласи кўп йиллардан буён фуқароларимизни қийнаб келаётган муаммолардан бири эди. Билет олиш учун аэровокзал ҳудудига киришдаги ноқулайликларни бартараф қилиш ҳамда фуқароларга янада қулай ва сифатли хизмат ташкил этиш асосий вазифа хисобланади. Юқоридагиларни инобатга олиб мазкур бинога эхтиёж борлиги ҳақида тадбир давомида таъкидлаб ўтилди.
Авиакассада бир вақтнинг ўзида фуқароларга авиақатновлар ҳақида маълумотлар бериш ва 800 дан ортиқ авикомпания билетларини сотиб олиш имконияти мавжуд. Қолаверса, учта хизмат кўрсатиш шоҳобчасига эга бўлган бинога ёндош ҳудудга фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида банк хизматларини ташкил этиш ҳамда (24/7) тун-у кун хизмат кўрсатувчи банкоматлар ўрнатиш яқин кунларда бошланиши режалаштирилган.
Маълумот ўрнида айтадиган бўлсак, авиакасса биносида ташриф буюрувчилар учун жамоат хожатхонаси ва таҳоратхона фаолияти ҳам йўлга қўйилган. Бу эса жамоат гавжум жойларда фуқароларга қулай мухитни яратишда қўл келиши билан аҳамиятлидир.