Oct 26, 04:49
Карантин тартиб ва чекловларига қўшимчалар киритилди

 

 

Сўнгги кунларда мамлакатимизда коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари ортиб бораётганлигини инобатга олиб, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг таклифига биноан, бугунги кунга қадар Республика махсус комиссиясининг қарорлари билан жорий этилган тартиб ва чекловларга қўшимчалар киритилди:

жорий йилнинг 28 июнидан 12 июлига қадар Тошкент шаҳрига қўшни вилоятлардан автотранспорт (автобус, автомобиль) воситалари орқали ўта зарурат бўлмаган ҳолларда кириш бўйича чекловлар ўрнатилди;

хавф ости гуруҳига мансуб аҳоли қатламлари билан биргаликда Тошкент шаҳри аҳолисининг 18 ёшдан катта бўлган барча қатламини ўзлари бириктирилган оилавий поликлиникаларда коронавирус инфекциясига қарши Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан иҳтиёрий тарзда оммавий эмланиши белгиланди;

жорий йилнинг 28 июнидан бошлаб республика бўйлаб кўнгилочар объектлар – ресторан, тунги клублар, дискотека, караоке, бильярд заллари ва компьютер ўйинлари марказлари ҳамда умумий овқатланиш объектлари – кафе, ошхона, чойхоналарни ишлашига соат 8:00 дан 20:00 гача рухсат берилади;

кўнгилочар ва умумий овқатланиш объектларида ташриф буюрувчиларга ушбу муассасаларнинг умумий сиғимининг 50 фоизидан қатъий оширмаган ҳолда хизмат кўрсатиш белгиланди.

 

Тошкент шаҳрига киришга чекловлар қуйидаги ҳолатларга татбиқ этилмаслиги белгиланди

Тошкент шаҳрида доимий яшовчи (рўйхатдан ўтган) шахсларга;

Тошкент шаҳрида доимий яшовчи (рўйхатдан ўтган) чет эл фуқароларига;

даволаниш учун ташриф буюраётган шахсларга;

Тошкент шаҳрида доимий фаолият кўрсатувчи ҳудудлардан келувчи шахсларга (иш жойи тўғрисида тасдиқловчи ҳужжат бўлган тақдирда);

Тошкент халқаро аэропорти орқали хорижий мамлакатга учиб кетувчи шахсларга (авиачипта бўлган тақдирда);

Ўзбекистон Республикасига турист бўлиб келган чет эл фуқароларига ва уларни олиб келаётган автотранспорт воситасининг ҳайдовчиси ҳамда агар гуруҳли жамоа бўлса, таржимон ёки туристик фирма вакилига;

барча турдаги юк ташиш, шунингдек, қурилиш материаллари (қум, шағал ва бошқалар) билан боғлиқ ҳолларга, етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ҳар қандай автотранспорт воситаларида ҳамда “Ўзбекистон почтаси” АЖнинг почта жўнатмаларини ташиш билан боғлиқ ҳолларга;

соғлиқни сақлаш тизими ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларига.

Boshqalar