Feb 02, 18:21
Сумалак сайли


Фарғона халқаро аэропортида сумалак сайли ташкил этилди. Баҳор келиши билан барчамиз соғинган баҳорий таомлар ҳам тайёрланиб, кўнглимизга илиқлик, дилларга ҳушлик олиб келади. Сумалак сайлини барчамиз интиқиб кутишимиз табиий албатта. Мазкур таом тайёрланиш жараёнининг ўзи ҳам бир анъана тусига кирган. Аэропорт жамоаси вакиллари томонидан бу йил ўзгача кайфият билан тансиқ таом тайёрлаш мақсадида қозон осилиб, унга меҳр бериб ўт қаладилар. Ташкилотда фаолият юритувчи чаққон аёллар тезда супра-тахта атрофида мазали пишириқларга уннай бошлаган вақтда эркаклар ҳам қозон ости оловига жавобгарликни ўз зиммаларига олдилар.
Дошқозонда қайнаётган сумалак учун тош ташлаб, уни меҳр билан кавлаш жараёнида ишдан ташқари самимий суҳбатлар қурилди. Айниқса ҳангомалар-у лапарлар куйланиб, баҳор соғинчи шу онда бир оз босилгандек бўлди. Кўкламой ташрифи ўйин кулгулар билан давом эттирилди.
Кун давомида қайнатилган «бол» таом кеч сари усти ёпилиб, шира кириши учун оромга кетказилди.
Сумалакдан тош топдим дея жажжи болакайлар учун эрта тонгдан тайёр бўлган сумалак ишчи-ходимлар оилаларига ва аэропорт яқинида истиқомат қилувчи якка-ёлғиз қариялар ва нафақадаги ходимлар хонадонларига етказилди.

Boshqalar